Инвестиция буюртмасини кўриб чиқиш

  1. Ишчи орган Дирекция томонидан тақдим этилган инвестиция буюртмаларини белгиланган тартибда Маъмурий кенгаш аъзоларига кўриб чиқиш учун киритади.
  2. «Жиззах» МИЗ ҳудудида амалга ошириш учун инвестиция лойиҳасини танлаб олиш тўғрисида қарор қабул қилишда Маъмурий кенгаш қуйидагиларни кўриб чиқади:

стратегик табиий хом ашё ресурсларини қазиб олиш ва дастлабки қайта ишлаш бўйича корхоналарни қўшмаган ҳолда, фаолият соҳасининг «Жиззах» МИЗ асосий вазифаларига мувофиқлиги;

энг аввало, маҳаллий минерал хом ашё ресурсларини ва маҳаллий ходимлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги хом ашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича юқори технологияли ускуналар ва технологиялар билан жиҳозланган янги замонавий ишлаб чиқаришлар ташкил этиш ёки ишлаётганларини чуқур модернизациялаш бўйича инвесторнинг мажбуриятлари;

талаб катта бўлган импорт ўрнини босадиган ва экспортга мўлжалланган рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича технологик изчилликни босқичма-босқич шакллантириш;

тавсия этилаётган ишлаб чиқаришнинг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқлиги;

муассисларнинг ўз маблағлари ва улар томонидан Ўзбекистон Республикаси кафолатисиз жалб этилган кредитлар ҳисобига инвестицияларнинг амалга оширилиши;

имтиёзларнинг амал қилиш муддати мобайнида уларни қўллашдан олинган даромаднинг камида 50 фоизини корхонага қайта инвестициялаш бўйича мажбуриятларнинг инвестор (инвесторлар) томонидан қабул қилиниши;

инвесторнинг молиявий ва технологик қувватга эгалиги;

лойиҳанинг умумий иқтисодий самарадорлиги ва уни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги (ишлаб чиқариш қувватларининг мақбул жойлаштирилиши, ташкил этиладиган иш ўринлари, тармоқдаги таркибий қайта ўзгартиришларга таъсири, ишлаётган қувватлардан фойдаланилиши, зарур хом ашё, материаллар ва инфратузилманинг мавжудлиги);

тайёр маҳсулотни ички ва ташқи бозорда сотиш имконияти ва истиқболлари;

ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси, дастлабки 4 та белгилар даражасида бошланғич хом ашёга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси коди бўйича якуний маҳсулот товар позициясининг ўзгариши;

технологик ускуналарнинг замонавий сифат стандартларига мувофиқлиги, лойиҳада халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш тизимининг мавжудлиги;

ташкил этиладиган корхонанинг штатдаги ходимларини жалб этилган ходимлар умумий сонининг камида 80 фоизи миқдорида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тўлдириш, уларга тажриба орттиришдан ва малака оширишдан ўтиш имкониятини бериш;

инвестициялар киритиш ҳажми, тури ва муддатлари;

Маъмурий кенгаш қарори билан белгиланадиган бошқа омиллар.

Инвестиция буюртманомаларини кўриб чиқишда «Жиззах» МИЗ ҳудудида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришда хом ашё ва ярим тайёр фабрикатларни изчил технологик қайта ишлашда ўзаро ҳамкорлик қиладиган корхоналар ташкил этиш орқали талаб катта бўлган, импорт ўрнини босадиган ва экспортга мўлжалланган рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли таъминланишини назарда тутадиган лойиҳаларга устунлик берилади.

  1. Маъмурий кенгаш инвестиция буюртманомаларини 10 иш куни мобайнида кўриб чиқиб:

«Жиззах» МИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мумкинлиги;

аниқ ва асосланган мулоҳазалар ҳамда камчиликларни кўрсатган ҳолда, тақдим этилган ҳужжатларни пухталаштиришнинг зарурлиги;

«Жиззах» МИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилади.

  1. Агар инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш жараёнида Маъмурий кенгаш аъзолари томонидан инвесторнинг ўзи тўғрисида нотўғри маълумотлар тақдим этганлигидан далолат берувчи фактлар аниқланса, унинг инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш тўхтатилади ва инвесторга асосланган хулоса юборилади.
  2. Қайта ишланган пухталаштирилган инвестиция буюртманомалари Маъмурий кенгашга кўриб чиқиш учун такроран киритилади.
  3. Маъмурий кенгашнинг инвестиция буюртманомаси бўйича ижобий қарори Маъмурий кенгаш мажлисининг протоколи билан расмийлаштирилади ҳамда Дирекция ва инвестор (инвесторлар) ўртасида «Жиззах» МИЗ ҳудудида инвестициялаш тўғрисидаги битимни тузиш учун асос ҳисобланади.
  4. Маъмурий кенгаш мажлиси протоколининг нусхаси Маъмурий кенгаш тасдиқлаган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида ишчи орган томонидан инвесторга ёки унинг ваколатли шахсига юборилади.