“Жиззах” ЭИЗ қатнашчисини рўйхатдан ўтказиш

Инвестиция киритиш тўғрисида битим имзоланган кундан бошлаб 10 иш куни давомида инвестор рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи томонидан ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектини юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этади.

«Жиззах» МИЗ ҳудудида жойлаштириш учун инвестор томонидан ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектини юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъекти юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин инвестор томонидан Дирекцияга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • «Жиззах» МИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш учун ариза;
  • юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
  • «Жиззах» МИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш учун Маъмурий кенгаш томонидан белгиланадиган миқдорда тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • ер участкасини ажратиш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатлар.

Дирекция ҳужжатлар олинган кундан бошлаб 2 иш куни давомида тадбиркорлик субъектини «Жиззах» МИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказади ва «Жиззах» МИЗ қатнашчиси гувоҳномасини беради.

Дирекция тадбиркорлик субъекти «Жиззах» МИЗ қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб бир кун давомида тадбиркорлик субъектининг жойлашган жойи бўйича давлат солиқ ва божхона хизмати органларини хабардор қилади.